Тошкент вилояти ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида даволанаётган ногиронлиги бўлган шахсларда роботлашган реабилитация комплекси “E-helper” экзоскелетни қўллаш бўйича
МАЪЛУМОТ
Бугунги кунда Республикамизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва улар учун имкониятлар тенглигини таъминлаш, уларга қўшимча қулайликлар яратиш Давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, соҳага катта эътибор берилмоқда. Юртимизда эхтиёжманд ахолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ўзгалар парваришига мухтож бўлиб қолган ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятда ўз ўринларини топиб кетишлари учун улкан ишлар олиб борилмоқда. Хар бир амалга оширилаётган ишлар ногиронлиги бўлган шахсларга хар томонлама кўмак бериш ва ижтимоий хаётда фаоллигини оширишга қаратилган.
Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларни ва болаларни туғма, патологик ва орттирилган суяк-мушак тизимидаги ўзгаришлар ва деформацияларни даволаш учун зарур бўлган протез-ортопедия махсулотлари хамда реабилитация техник воситалари билан узлуксиз таъминлаш билан бир қаторда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг одатий ҳаётга мослашувини тезлаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикасига Россияда ишлаб чиқазилган 14 дона Роботлашган реабилитация комплекси экзоскелет “E-helper” олиб келиниб, Тошкент шаҳридаги Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш Миллий маркази ва Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш худудий марказларига тақсимланди. Хар бир экзоскелет “E-helper”нинг нархи 30 000 АҚШ $ ни ташкил этади.
2022 йил 27-28-29 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш Миллий марказида “Роботлашган реабилитация комплекси экзоскелет “E-helper”нинг нейрореабилитацияда қўлланилиши” мавзусида ўқув-семинар тренинг бўлиб ўтди. Семинарда Тошкент вилояти ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази директори Г.С.Шаниязова, невропатолог Э.Х.Хақназаров, ЛФК инструктори О.Р.Умаровлар 3 кун давомида иштирок этишиб, Россиялик профессор т.ф.д. П.Лебедев ва мухандис Ф.Салаевлар томонидан экзоскелетдан фойдаланиш ҳамда таянч фаолияти чекланган ногиронлиги бўлган шахсларда уни қўллаш бўйича амалий билим ва кўникма олиб қайтишди.
Экзоскелет “E-helper” ни ногиронлиги бўлган шахсларга қўллаш жуда мухим ахамиятга эга. Умуртқа поғонаси жарохатлари, Бош мия қон айланиши ўткир бузилиши асорати, Паркинсон касаллиги, Тарқалган склероз, Болаликдан церебрал фалажлик касалликлари оқибатида, ўзгалар парваришига мухтож бўлиб, ётиб қолган ногиронлиги бўлган шахсларни экзаскелет билан шуғуллантириш орқали, уларнинг мушаклар кучи ва тонусининг ошиши эвазига, реабилитация техник воситаларида (Аравача, қўлтиқ таёқ, хасса) мустақил харакатланишига имкон яратилиб, уларнинг хаётга қизиқиши, соғайишга бўлган умид ва хохиши пайдо бўлиши орқали реабилитация самарадорлигининг ошишига эришилади.
Марказда даволанаётган таянч харакат фаолияти чекланган ногиронлиги бўлган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан ажратилган 1 дона “E-helper” экзоскелетни 2022 йил 1-июль кунидан бошлаб қўллаш йўлга қўйилди.
марказда бугунги кунга қадар Бош мия қон айланиши ўткир бузилиши асорати, Болаликдан церебрал фалажлиги асорати, Умуртқа поғонаси жарохатлари, Шарко-Мари неврал амиотрофияси, Гейн Баре полиневропатияси касаллиги билан даволанаётган ногиронлиги бўлган шахсларда қўлланилмоқда.